Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданият марказларини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат Битими имзоланди
2025-09-03 14:45:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазири Сун Ели билан иккитомонлама ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув давомида вазир Озодбек Назарбеков сўнгги йилларда мамлакатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан маданий соҳада ҳамкорлик изчил ривожланаётганлиги натижасида икки давлат ўртасида маданий алмашинув тобора кенгайиб бораётганлигини алоҳида таъкидлади. Икки давлат вазирларининг доимий учрашувлари, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларнинг яққол ифодаси эканлиги қайд этилди.
Хусусан, жорий йилнинг 7 июль куни Хитойнинг Тсингдао шаҳрида ШҲТга аъзо давлатларнинг маданият вазирлари учрашуви юксак савияда ташкил этилганлиги ва унда самарали ишлар амалга оширилганлиги алоҳида маълум қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматı ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматı ўртасида маданият марказларини ташкил этиш тўғрисидаги Битим имзоланди.
Ушбу Битим тарихий ҳужжат бўлиб, бундай келишув илк бор тузилаётганлигини инобатга олган ҳолда, икки давлат маданий алоқаларининг янги босқичга кўтарилишига замин яратиши кутилмоқда.
Хитой вазири Сун Ели ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатлар иқтисодий, ижтимоий, таълим йўналишлари билан бир қаторда маданият соҳасида ҳам тез суратларда ривожланиб бораётганлигини маълум қилди.
Хусусан, Хитой вазири 2024 йилда Пекин шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларини юқори баҳолади ҳамда мазкур тадбирларни доимий бўлишига умид билдириб, жорий йилда Ўзбекистонда “Хитой маданияти кунлари” тадбирларини ташкил этиш таклифини билдирди.
Ўз ўрнида, вазир Озодбек Назарбеков ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда Ўзбекистон томонидан барча амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Учрашув давомида томонлар маданият соҳасидаги ҳамкорликка оид таклифлар, қўшма маданий лойиҳалар, маданий таълим, инвестиция йўналишларидаги таклифлари билан ўртоқлашдилар ҳамда мазкур таклифларни ижобий кўриб чиқишга келишиб олдилар.