Ўзбекистон – АҚШ: Тиббиёт йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2025-09-02 15:25:00 / Янгиликлар

Мулоқот аввалида Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров юқори мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, кейинги йилларда давлатларимиз ўртасида тиббиёт соҳасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини қайд этди.
Ўз навбатида, П.Замполли Ўзбекистонда барча соҳалар қатори, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашув давомида томонлар АҚШ компаниялари билан биргаликда дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тиббиёт муассасаларини бошқариш, мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, юртимиздаги шифохоналарни юқори технологияли ускуналар билан таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, АҚШ стандартлари асосида ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш ва кейинчалик ушбу мутахассисларни қонуний асосда хорижда иш билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида П. Замполли Ўзбекистон АҚШ учун минтақадаги ишончли стратегик ҳамкор эканини таъкидлаб, Америка томони соғлиқни сақлаш соҳасига доир шу каби истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини маълум қилди