Ўзбекистон ва Қатарнинг Tamam International компанияси ўртасида инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича музокаралар
2025-08-01 16:40:00 / Янгиликлар

Tamam International — энергетика, транспорт ва логистика, туризм ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бой халқаро тажрибага эга бўлган Қатарнинг етакчи инвестиция компанияларидан биридир. Компания трансмиллий ташаббусларда фаол иштирок этади ва Марказий Осиё минтақасидаги иштирокини мустаҳкамлашга катта қизиқиш билдирган.
Учрашув давомида устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан конструктив фикр алмашилди. Жумладан, электр энергияси ишлаб чиқариш ва тақсимлаш тизимини ривожлантириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, туризм объектлари ва замонавий тиббиёт муассасаларини яратиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар. МИИТ вазири ташаббуси билан илгари сурилган лойиҳаларни тизимли илгари суриш мақсадида Tamam International компанияси ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.