Ташқи ишлар вазири Қирғиз Республикасига ташриф буюрди
2025-08-01 08:00:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида делегация Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломлари Қирғиз Республикаси Президентига етказилди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва қардошлик муносабатлари мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланаётгани, барқарор тараққиёт учун энг қулай шарт-шароитлар яратилгани алоҳида таъкидланди. Давлатларимиз Раҳбарларининг тинимсиз саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама кун тартибида ҳал этилмаган масалалар қолмаганлиги эътироф этилди.
Шунингдек, кун тартиби кенг қамровли бўлиб, истисносиз барча йўналишларни ўз ичига олгани, инфратузилмадан тортиб гуманитар соҳаларгача бўлган қўшма лойиҳаларнинг нафақат икки мамлакат манфаатларига, балки бутун минтақа ва ундан ташқаридаги ҳудудларга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Ташриф давомида вазир ҳамкасби Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев билан алоҳида учрашув ўтказилди.
Учрашувда стратегик ҳамкорликни, айниқса савдо-иқтисодий соҳалар ва чегараолди инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Минтақавий интеграция ва барқарор ривожланиш борасида ҳаракатларни мувофиқлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қирғиз Республикасига бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирликлари томонидан барча эришилган келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш йўлида яқин ҳамкорлик давом эттирилади.