"Иқтисодий мустақилликдан ижтимоий фаоллик сари": Бухорода миллий анжуман бўлиб ўтди
2025-07-31 15:30:00 / Янгиликлар

Анжуман “Аёллар дафтари” тизими орқали иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватланган хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, билим ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.
Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларидан “Аёллар дафтари”га киритилган, меҳнатга лаёқатли, ишсиз, касб-ҳунарга қизиқиш билдирган ҳамда тадбиркорликни бошлаган хотин-қизлар ўз ҳаёт йўлларида эришган муваффақиятлари, касб танлаш ва иш бошлашдаги тажрибалари билан ўртоқлашди. Улар - “Аёллар дафтари” орқали давлат кўмаги билан тадбиркорликни йўлга қўйган, турли соҳаларда ўз ўрнига эга бўлган ва маҳаллаларида бошқаларга намуна бўлаётган аёллардир.
Анжуман доирасида “Етакчи аёллар” клуби таъсис этилди.
Клуб доирасида қуйидаги йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган:
• турли соҳаларда муваффақият қозонган хотин-қизлар тажрибасини оммалаштириш;
• менторлик ва маслаҳат тизимини йўлга қўйиш;
• хотин-қизлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш;
• ижтимоий лойиҳаларда аёллар иштироқини фаоллаштириш;
• инноватив ғояларни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш.
Клуб келгусида билим ва кўникмаларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро тажриба алмашиш ва фаолиятни ривожлантириш учун муҳим платформага айланиши кутилмоқда.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова ҳамда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Республика Касаба уюшмалари федерацияси Бухоро вилояти "Аёллар дафтари" бўйича масъули Шавкат Жавлонов хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар, амалий натижалар ва истиқболдаги режалар ҳақида тўхталдилар.
Шунингдек, анжуманда вилоят прокурори ва ИИБ ҳамда Солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят касаба уюшмаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, соғлиқни сақлаш ва адлия бошқармалари, тижорат банклари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Бўлиб ўтган анжуман ўтган 5 йиллик фаолиятни сарҳисоб қилиш эмас, балки янги босқичга қадам қўйиш, хотин-қизларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига хизмат қилувчи ташаббусларни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим платформа бўлди.