Франция элчиси билан учрашув: ҳамкорлик натижалари кўриб чиқилди
2025-07-30 14:55:00 / Янгиликлар

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Бушез хонимнинг элчи сифатидаги фаолияти давомида икки томонлама ҳамкорлик доирасида эришилган натижаларга ижобий баҳо бериб, олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этди.
Элчи Бушезнинг бевосита эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли мазкур соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос билан таъминланди. Мазкур ҳужжатлар олий таълим, академик алмашинув, муҳандис кадрлар тайёрлаш ва касбий таълимни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорлик пойдеворини яратди.
Учрашувда, шунингдек, О.Бушезнинг икки мамлакат олийгоҳлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдаги шахсий ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция университетлари ўртасида 40 дан ортиқ келишув амал қилмоқда, биргаликда ўқув дастурлари жорий этилмоқда.
Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтди.