Стартап экотизимини ривожлантириш борасида 2025 йилнинг И ярмида қандай ишлар амалга оширилди?
2025-07-18 18:30:00 / Вазирлик янгиликлари
“UzVC” миллий венчур фонди венчур жамғармаларни молиялаштирувчи “Фондлар фонди” сифатида қайта ташкил этилиб, жорий йилдан фаолияти йўлга қўйилди.
Тадбиркорлик субъектларининг стартап лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банклари ва хўжалик жамиятларига венчур жамғармалар ташкил этиш, венчур инвестицияларни амалга ошириш ҳамда ишончли бошқариш шартномаси асосида бошқа венчур жамғармаларга ўз маблағларини бериш ҳамда стартап-студиялар ташкил этишга рухсат берилди.
Натижада жорий йилда 6 та венчур жамғарма ташкил этилиб, венчур капитал бозорида 11 та маҳаллий иштирокчи шакллантирилди, шундан Фондлар фонди 1 та (“UzVC”) ва венчур жамғармалар 10 та (“Aloqa ventures”, “IT Park Ventures”, “United Ventures”, “SQB Ventures”, “Asaka Ventures”, “Yoshlar ventures”, “UC Ventures”, “Semurg‘ ventures”, “Sarmo Ventures”, “Imkon Ventures”).
Ушбу венчур жамғармаларнинг 4 таси (“UC Ventures”, “Semurg‘ ventures”, “Sarmo Ventures”, “Imkon Ventures”) хусусий венчур жамғармалар ҳисобланади ва бу стартап экотизимини ривожлантиришда хусусий секторга ҳам катта имконият тақдим этилганидан далолат беради.
“UzVC” миллий венчур фонди томонидан стартап лойиҳаларни бошланғич босқичларда молиялаштиришга қаратилган ушбу “Sarmo Ventures” ва “Imkon Ventures” хусусий венчур жамғармаларига жами 1 млн доллар маблағни бошқарувга бериш бўйича битим имзоланди.
Тадбиркорлик субъектларининг стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун киритилган жами венчур инвестиция миқдори 145 млн долларга етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартдаги ПФ-50-сон Фармони билан “UzVC” миллий венчур фонди ҳузурида стартап лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, жумладан, инкубация ва акцелерация дастурларини амалга ошириш ҳамда стартап лойиҳаларга инвестиция киритишга қаратилган Стартап лойиҳаларни мувофиқлаштириш маркази ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.