Германиянинг Берлин шаҳрида Халқаро мустақил аудит регуляторлари форумининг (IFIAR) Пленар йиғилиши бўлиб ўтди
2025-04-15 15:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: IFIAR (International Forum of Independent Audit Regulators) ташкилотининг асосий мақсади глобал миқёсида аудит сифатини ошириш орқали жамоат манфаатларига, шу жумладан инвесторларга хизмат қилишдан иборат. Ҳозирги кунда IFIAR дунё бўйлаб 56 та юрисдикция (Америка, Буюк Британия, Япония, Россия, Саудия Арабистони, Нидерландия, Цингапур ва бошқалар)даги мустақил аудит регуляторларини ўз ичига олади.
Пленар йиғилиш доирасида халқаро аудит бозоридаги тенденциялар, барқарорлик ҳисоботларини текшириш амалиёти, сунъий интеллектнинг аудит соҳасидаги ўрни, ҳамда кичик ва ўрта аудит ташкилотларига қаратилган назорат масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, GPPC (Global Public Policy Committee) гуруҳини ташкил этувчи йирик халқаро аудит компаниялари – Deloitte, PwC, EY, KPMG ва бошқалар аудит сифатини яхшилаш, барқарорлик ҳисоботларини аудит қилишдаги ёндашувлар ва хусусий капитал бозорига таъсири ҳақидаги ўз қарашларини тақдим этдилар.
Пленар йиғилиш давомида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари Отабек Баракаев IFIAR ташкилоти раиси Такаши Нагаока, раис ўринбосари Кевин Прендергаст, ҳамда ижрочи директори Делон Абрамслар билан алоҳида учрашув ўтказиб, Ўзбекистонда аудиторлик фаолияти соҳасидаги сўнгги ислоҳотлар ва жорий ҳолати, Вазирликнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши бўйича амалга оширилган ишлар ва қисқа муддатларда аъзо бўлиши учун қилиниши лозим бўлган ишлар батафсил муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг IFIAR Пленар йиғилишида иштирок этиши ва ушбу ташкилотга аъзо бўлиши мамлакат учун бир қанча муҳим ва истиқболли ютуқларни таъминлашга асос бўлади. Бу нафақат халқаро майдондаги нуфузни оширади, балки ички аудит ва молиявий назорат тизимини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади, Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган давлатлар билан аудит ва молиявий шаффофлик соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга сабаб бўлади.
Шунингдек, аудит назорати ва шаффоф молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларга мос эканини тақдим этиш орқали Ўзбекистоннинг инвестицион нуфузи ошади, халқаро инвесторлар учун ишончли ва барқарор молиявий муҳит яратилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати