Ички ишлар органларида жисмоний ва жанговар тайёргарлик тизими такомиллаштирилмоқда
2025-09-10 13:15:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида жисмоний ва жанговар тайёргарликни такомиллаштириш масаласига бағишланган муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал майор Даврон Назармухамедов иштирок этди ва йиғилиш иштирокчиларига янги ташаббуснинг мазмун-моҳияти ҳамда устувор вазифаларни атрофлича тушунтирди.
Тадбирда белгиланганидек, жисмоний ва жанговар тайёргарликни замонавий стандартлар асосида қайта ташкил этиш, ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда уларнинг хизматга лаёқатини баҳолашда рақамли назорат тизимини жорий этиш муҳим вазифалар қаторида белгиланмоқда. Бу тизим орқали йил давомида машғулотлар ташкил этилиб, 1 октябрдан 30 декабргача синовлар ўтказилади ва натижаларга кўра лавозимга кўтариш ёки интизомий чоралар кўриш мумкин бўлади.
Йиғилишда спорт соҳасидаги илғор тажрибаларни ички ишлар органларида жорий этиш, ходимларнинг шахсий ва касбий салоҳиятини оширишга қаратилган амалий таклифлар муҳокама қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари, вазирликнинг масъул ходимлари ҳамда қуйидаги спорт ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари фаол иштирок этдилар:
- Ўзбекистон Дзюдо федерацияси;
- Ўзбекистон Самбо ассоциацияси;
- Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси;
- Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қўл жанги федерацияси;
- Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси.
Ушбу ташкилотлар томонидан жисмоний тайёргарлик ва жанговар машғулотларни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш, замонавий методикалар ва спорт анжомлари билан таъминлаш бўйича қўшимча таклифлар илгари сурилди.
Генерал майор Даврон Назармухамедов сўзга чиқар экан, ҳозирги кунда ички ишлар ходими нафақат назарий билимга, балки юқори жисмоний тайёргарлик ва тезкор ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш қобилиятига эга бўлиши зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, спорт билан мустақил шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш, қуроллардан хавфсиз фойдаланиш ва жисмоний куч ишлатиш бўйича амалий машғулотлар ҳам ташкил этилиши кераклиги айтиб ўтилди.
Янги тизим ички ишлар органлари ходимлари салоҳиятини ошириш, уларнинг мотивациясини юксалтириш ва хизмат самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлади. Шу орқали жамият хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш даражаси янада юксалади.