Мустақиллик тимсоли остида Ватанга садоқат қасамёди — Янги Ўзбекистон ёшларининг маънавий камолот ва ватанпарварликка садоқат бахшида қилинган кун
2025-09-10 08:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги байрами ортидан Ватанимиз истиқлолининг тимсоли бўлган “Янги Ўзбекистон боғи” мажмуасидаги Мустақиллик монументи пойида бўлиб ўтган ушбу муҳим маросимда ўзига хос юксак маъно мужассам бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, соҳавий хизматлар ва Академия раҳбарияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъуллари, қатор давлат органларидан меҳмонлар, соҳа фахрийлари, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Маросимда, Ички ишлар вазири, ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишдаги ютуқлар, замонавий билим ва малакага эга кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб,
– Илму маърифатнинг бешиги саналган табаррук заминимиздан дунё цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар, миллий давлатчилигимиз илдизларига асос солган жаҳонгир саркардалар, истиқлол йўлида жон фидо қилган қаҳрамонлар етишиб чиққанини ўсиб келаётган авлод вакиллари билиши ва уларга муносиб бўлишга интилиши зарур.
Янги Ўзбекистоннинг истиқболи сифатида ҳаётга кириб келаётган ёшларимиз ҳам илми, мардлиги билан буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлишлари, она юртимизга дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ватанпарварлик фазилатларини амалда намоён этишлари керак, – дея таъкидлади.
Шундан сўнг, Вазирлик Академиясига қабул қилинган йигит-қизлар юксак ғурур ва ифтихор билан Ватанга ва халққа садоқат билан фидойи хизмат қилишга қасамёд қабул қилдилар. Қасамёд бу оддий сўзлар эмас, бу – фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакат тинчлиги, осойишталиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги бурчини ва зиммасига юклатилган мажбуриятларни виждонан, сидқидилдан бажаришга берилган муқаддас ваъдадир.
Зеро, қасамёдига содиқ қолган ҳолда Ватан тинчлиги йўлида жон фидо қилган сафдошларимиз ҳақиқий ватанпарварлик ва қаҳрамонлик, садоқат ва фидойилик, матонат ҳамда жасорат тимсоли эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айтиш жоизки, жорий йили Вазирлик Академияси курсантлари сафига қабул қилинган ўғил-қизларга бошланғич касбий ва жанговар-жисмоний кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўқув-дала шароитида машғулотлар ташкил этилди. Энди улар уч йил давомида замон талаблари даражасида таълим оладилар.
Келгуси ўқув йилидан «Тезкор-қидирув фаолияти», «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва пробация фаолияти», «Эксперт-криминалистика фаолияти», «Жазони ижро этиш фаолияти», «Ташкилий-штаб фаолияти», «Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш», «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» ҳамда «Терроризмга қарши курашиш фаолияти» йўналишларига бўлинган ҳолда ўқишларини давом эттиришади.
Ушбу тантанали тадбирда ўқишдаги ютуқлари билан тенгдошларига намуна бўлаётган иқтидорли курсантлар Вазирлик раҳбарияти ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” номидаги махсус стипендиялар билан тақдирландилар.
Жумладан, 2-босқич курсанти, сафдор Диёрбек Сапиев ҳамда 3-босқич курсанти, сафдор Ғолибжон Қурбоналиев “Ички ишлар вазирлигининг Жалолиддин Мангуберди номидаги стипендияти” фахрий ёрлиғи билан, шунингдек 2-босқич курсантлари, сафдор Ирода Азимқулова ва сафдор Асилбек Авезов, 3-босқич курсантлари, сафдор Зебинисо Қаршибаева ва сафдор Носир Усмонов “Ички ишлар вазири стипендиати” фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.
Ушбу эътироф ёшларнинг янада шижоат билан ўқишига ҳамда зиммаларидаги масъулиятни ҳис этишига кучли рағбат бўлди.
Шунингдек, тантанали маросимда сўзга чиққанлар томонидан ёшларнинг бугуни ва келажак тақдири йўлида яратилаётган улкан имкониятлар, фидойи ва ташаббускор ёшлар қўлга киритаётган ютуқлари эътироф этилиб, Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти учун, шунингдек жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда Ватанимиз ва халқимизга юксак садоқат билан хизмат қилиш зарурлиги таъкидланди.