Янги Ўзбекистон — Янги ички ишлар органлари. Шароитинг соз бўлса
2025-09-09 23:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Жиззах вилояти ички ишлар органларида кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, вилоят ИИБ ЙҲХБ, Зарбдор тумани ИИБ, «Зомин» соғломлаштириш оромгоҳи бинолари янгидан қурилди. Вилоят ИИБ ЖТСБ, «102» хизмати, Дўстлик ва Пахтакор туманлари ИИБ, ИИВ Жиззах академик лицейи бинолари эса капитал таъмирдан чиқарилди.
Жорий йилнинг август ойида бўлса Янгиобод тумани ИИБнинг янги биносининг қурилиши бошланди. Чунончи, 70 сотихлик майдонда барпо этилажак икки қаватли бинода ходимлар самарали хизмат қилиши учун зарур шароитлар яратилади. Шунингдек, спорт зали, ётоқхона, ошхона, автоуловларни сақлаш жойи бунёд этилади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари ҳамда мурожаатчиларни қабул қилиш хоналари фуқароларнинг кириб-чиқиши учун қулай тарзда қурилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳозирда туман ИИБ шахсий таркиби мослаштирилган бинода қўним топган.
Бугунги кунда Ғаллаорол тумани ИИБ биноси ҳам капитал таъмирланмоқда. Бундан ташқари, «Қалқон» платформасини жорий қилиш мақсадида тез орада вилоят ИИБ «102» хизмати жойлашган бинода қўшимча қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Яқин 2 йил ичида Бахмал тумани ИИБ, вилоят ИИБ ТВБСО бинолари, Тиббиёт бўлими учун 4 қаватли даволаш муассасаси, Зомин туманида 100 ўринли Реабилитация маркази қуриш, қолаверса, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси биносини капитал таъмирлаш режалаштирилган.
©️ “Postda” газетаси, Алижон Абдусатторов, Жиззах вилояти.