Мамлакатимиз бўйлаб “Ватан учун, Миллат учун, Халқ учун“ шиори билан кенг миқёсда нишонланаётган Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик шодиёналари арафасида Ички ишлар вазирлигида ҳам тантанали тадбир бўлиб ўтди
2025-08-28 19:45:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, шахсий таркиби, фахрийлар ҳамда вазирлик Жамоатчилик кенгаши аъзолари қатнашдилар.
Тантанали тадбирни олиб борган Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимиз осойишталиги, маҳаллаларимизнинг фаровонлиги, халқимиз хотиржамлиги ҳамда ҳар бир фуқаронинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилишда шу юрт қалқониман дея хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимларининг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаб ўтди.
Бугунги тинч ва осойишта кунларда байрамни шодиёна билан нишонлаётганимизга, ўз вақтида мустақилликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка барҳам бериш йўлида жон фидо этган ходимларнинг, ўз умрини соҳа ривожига бахшида этган фахрийларнинг хизматлари катта эканлиги юксак эътирофларга сазовор.
Айни вақтда ҳам сафдошларимиз жойларда байрам тадбирларини муносиб нишонлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида туну-кун сергак ҳолда хизмат фаолиятларини давом эттиришмоқда.
Тадбир давомида жамоат тартибини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, юрт тинчлигини муҳофаза қилишда жасорат ва фидойилик кўрсатган, шунингдек, соҳада кўп йиллик самарали меҳнати ва ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшган Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодировга I даражали “Шон-шараф” ордени, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувоҳид Исмоиловга ҳамда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Икромжон Турсуновга “Мардлик” орденлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тантанали равишда шахсан топширилгани алоҳида эътироф этилди.
Маросим жараёнида Давлат раҳбарининг Фармонига асосан юксак мукофотларга сазовор бўлган, Тошкент шаҳар ИИББ инспектори подполковник Оксана Гордиенкога “Дўстлик” ордени, Андижон вилояти ИИБ тезкор вакили подполковник Собитжон Якубовга “Жасорат” медали, Бухоро вилояти Жондор тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдухалил Носировга “Содиқ хизматлари учун” медали ҳамда Тошкент вилояти ИИББ Чиноз тумани катта терговчиси подполковник Ўткир Наржигитовга “Шуҳрат” медали тантанавор тарзда топширилди.
Шунингдек, “Жасорат” медали мукофотига сазовор бўлган Фарғона вилояти Патрул-пост хизмати инспектори сафдор Моҳигул Сиддиковага, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиблари Самарқанд вилояти ЙҲХБ инспектори сафдор Асамиддин Зиятовга, Қашқадарё вилояти Эксперт-криминалистика маркази бош эксперти подполковник Шерали Муҳаммадиевга, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ бўлим бошлиғи подполковник Ажибай Сабировга ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби Наманган вилояти ИИБ Учқўрғон тумани катта инспектори майор Музаффар Хайдаровга мукофотлари жойларда ҳукумат аъзолари томонидан топширилиши белгиланди.
Тадбирда, садоқатли хизмат фаолияти билан алоҳида намуна кўрсатаётган бир қатор ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан идоравий кўкрак нишонлари, юксак унвонлар ва қимматбаҳо совғалар билан ҳам тақдирландилар.
Маросимда соҳа фахрийлари, вазирлик Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда мукофотланган ходимлар сўзга чиқиб, бу байрамнинг ички ишлар органлари тизимидаги аҳамияти бениҳоя мислсиз эканлигини айтиб ўтишди. Қолаверса бугун давлат раҳбари томонидан тизимга ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига кўрсатилаётган эътибор ички ишлар органларининг ҳар бир вакили учун юксак фахр ифтихор бағишлаши эътироф қилинди.
Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилаётган тантанали тадбирлар ҳудудий ички ишлар органларида ҳам давом эттирилмоқда.